Туркиянинг Зонғулдак вилояти соҳилларида кутилмаган ҳодиса юз берди. Истанбулда қурилган ва қиймати қарийб 1 миллион доллар бўлган “Dolce Vento” номли ҳашаматли яхта сувга туширилгач, атиги 15 дақиқа ичида мувозанатни йўқотиб, чўкиб кетган. Бу ҳақда Fox News хабар берди.
Маълум бўлишича, 26 метр узунликдаги ушбу яхта янги эгасига топширилгач, синов тариқасида денгизга чиқарилган. Аммо сувга туширилганидан кўп ўтмай, кеманинг мувозанати бузилган ва у тезда ён томонига оғиб, счўкиш бошлаган.
Вазият кескинлашгач, яхта эгаси, капитан ва икки нафар экипаж аъзоси сувга сакраб, қирғоққа чиқишга муваффақ бўлган. Ҳодиса чоғида улар ҳеч қандай жароҳат олмаган. Воқеа гувоҳлари ҳам видеога тушириб, ижтимоий тармоқларда тарқатишган.
Туркия қирғоқ қўриқлаш хизмати ва порт ходимлари тезкорлик билан ҳодиса жойига етиб бориб, хавфсизлик чораларини кўрган. Ҳозирда воқеа сабаблари ўрганилмоқда. Мутахассисларнинг айтишича, кеманинг чўкиб кетишига техник нуқсон, мувозанатдаги хатолик ёки инсон омили сабаб бўлган бўлиши мумкин.


