Jamiyat

1 январдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

 

Ижтимоий соҳага оид:

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан пенсия ва нафақалар 1 январдан бошлаб тендер танловлари асосида танланган банклар томонидан тўланади. Бунда пенсия ва нафақаларни маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларига ёки олувчиларнинг яшаш жойига етказиш тартиби амалда бўлиб, хизмат нархи пенсия ва нафақалар миқдорининг 1 фоизидан кўп бўлмайди.

Эслатма. Мазкур 1 фоизли хизмат пули Пенсия жамғармаси ва республика бюджети ҳисобидан тўланади. Нафақа олувчининг пулидан ундириб олинмайди. Бундай амалиёт тақиқланади.

 

Солиқ тизимига оид:

Касбий солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган қоидабузарликлар, шунингдек солиқ ҳисоботларини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун молиявий санкциялар бекор қилинади.

Эслатма. Мазкур тизим фақат юридик шахсларга тааллуқли.

 

Божхона тизимига оид:

Шунингдек, ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари уч иш куни ичида ташқи иқтисодий фаолият (ТЕХ) иштирокчиларига қайтарилади. Фақат бундан олдин божхона органлари тўловларни қайтариш тўғрисида қарор қабул қилгандан бўлиши лозим

 

Маълумот учун, эндиликда божхона тўловларини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг минимал муддати 14 кунни ташкил этади. Ушбу муддат давомида фоизлар олинмайди. Агар минимал имтиёзли давр ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ошиб кетган бўлса, фоизлар бутун давр учун тўлиқ миқдорда ундирилади.

 

Эслатма. Божхона тўловларини тўлашни назарда тутган ҳолда, товарларни шартли равишда чиқариш амалиёти жорий этилмоқда. Яъни, товарлар божхона органи томонидан белгиланадиган ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасига мувофиқ товар кодини аниқлаш бўйича экспертиза якунлангунга қадар ушлаб турилмайди.

 

Тадбиркорликка оид:

Ҳудудларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ ставкаси 2023 йил бошига қадар 2 баробарга пасайтирилди.

 

Маълумот учун, энди ҚҚСнинг салбий миқдорини қайтариш учун солиқ органларига махсус мурожаат қилишнинг ҳожати йўқ. Солиқ тўловчи тегишли солиқ даври учун солиқ декларациясини тақдим этаётганда бу ҳақда солиқ органларини хабардор қилишга ҳақли.

 

Шу билан бирга, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ ва божхона қарзлари тўланмаган тақдирда, тўловчининг ҳисоб варақлари қарз суммаси бўйича музлатиб қўйилиши мумкин.

 

Уларнинг операторлари учун мобиль алоқа хизматлари учун акциз солиғи ставкаси 10 фоизгача пасайтирилди.

 

Давлат хизматчилари ва мансабдор шахслар учун:

Мансабдор шахслар даромад солиғи декларациясини тўлдирадилар. Бунда  давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган ташкилотларнинг, давлат корхоналари ва муассасаларининг раҳбарлари ва ўринбосарлари ўз даромадлари ва мол-мулкини, шунингдек, турмуш ўртоғи ва вояга этмаган фарзандлари тўғрисида декларация қиладилар.

 

Шунингдек, 2022 йилдан давлат хизматчиларига Ўзбекистондан ташқаридаги  банкларда ҳисоб рақамлари очиш ва уларга эгалик қилиш, нақд пул сақлаш, кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкка эгалик қилиш тақиқланади.

 

Эслатма. Хорижда ишлаётган давлат хизматчилари давлат хизматига киришгунга қадар сотиб олинган мол-мулк бундан мустасно.

 

Маълумот учун, давлат бошқаруви органларининг хорижий тиллар бўйича миллий ва тегишли халқаро сертификатга эга бўлган ходимларига лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўловлар берилади.

 

Электрон давлат хизматларига оид:

2022 йил бошидан Ўзбекистон фуқароси, чет эл фуқароси ва мамлакатимизда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахс учун бериладиган ID-карта ҳамда хорижга чиқиш учун биометрик паспортни Давлат хизматлари марказларида олиш мумкин бўлади.

 

Фаолиятнинг айрим турлари билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи малака сертификатларини ҳам интернет орқали олиш мумкин. Уларни сертификатлаш ҳам электрон шаклда амалга оширилади.

 

Автомобиль ижарасига оид:

2022 йилдан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларга автотранспорт воситаларини онлайн-аукцион орқали ижарага бериш шартномаси нотариус томонидан тасдиқланиши шарт эмас. Электрон онлайн-аукцион натижалари бўйича тузилган протокол эса ижара шартномаси кучига эга.

 

Аввалроқ 1 август  ҳамда 1 октябрдан қонунчиликда нималар ўзгаргани ҳақида хабар берилганди.

 

Оламгир Абдиев

Охирги воқеалар

Ҳаммасини кўрсатиш