Жорий йилнинг 20 декабрь куни Тошкент шаҳридаги «Туркистон» санъат саройида мамлакат илм-фан жамоатчилиги учун энг кутилган ва энг тантанали воқеа – “CIENCE AND INNOVATION AWARDS – 2025” тадбири бўлиб ўтади. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган ушбу нуфузли маросим бу йил тўртинчи маротаба ўтказилмоқда.
Тадбир “SCIENCE AND INNOVATION” компанияси томонидан ташкил қилинади. Бу йилги тақдирлаш маросимида Ўзбекистонда илм-фан, таълим ва инновациялар ривожига салмоқли ҳисса қўшган олимлар, олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар ўртасида қуйидаги номинациялар бўйича ғолиблар аниқланади:
1. “Йил олими – 2025” – Илм-фан тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган, йирик илмий натижаларга эришган етук олимга тақдим этилади.
2. “Йилнинг энг яхши олий таълим муассасаси” – Илмий фаолият, инновацион ўқитиш ва халқаро рейтингларда юқори натижаларга эришган давлат олий таълим муассасасига берилади.
3. “Йилнинг энг яхши нодавлат олий таълим муассасаси” – Таълим сифати, илмий изланишлар ва амалиётга йўналтирилган фаолияти билан ажралиб турган нодавлат олий таълим муассасасига топширилади.
4. “Йилнинг энг яхши илмий тадқиқот институти” – Фундаментал ва амалий тадқиқотларда юқори натижалар кўрсатган, инновацион ишланмалар муаллифи бўлган илмий ташкилотга берилади.
5. “Йилнинг энг инновацион университети” – Рақамли технологиялар, стартаплар ва инновацион таълим лойиҳаларини жорий этишда илғор ютуқларга эришган университетга тақдим этилади.
Мазкур маросимда Ўзбекистон фанининг нуфузли вакиллари — академиклар, профессор олимлар, шунингдек, хорижий меҳмонлар ва иқтидорли ёш тадқиқотчилар қатнашади.


