“2023 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида” Президент Фармони имзоланди.
Фармонга кўра, иш ҳафтасининг туридан қатъи назар барча ходимлар учун 2 январь – душанба, 30 июнь – жума қўшимча дам олиш кунлари белгиланди.
Олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун 3 январь – сешанба, 20 март – душанба, 22 март – чоршанба, 24 апрель – душанба, 1 июль – шанба, 2 сентябрь – шанба, 30 декабрь – шанба қўшимча дам олиш кунлари белгиланди.
Ишланмайдиган байрам куни ҳисобланувчи “1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни” 2023 йилда якшанба – дам олиш кунига тўғри келганлиги муносабати билан ушбу дам олиш куни 2023 йил 2 октябрь – душанба кунига кўчирилади.
Бунда ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмаслиги маълумот учун қабул қилинади.
2023 йилда беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун дам олиш кунлари қуйидаги тартибда кўчирилади:
7 январь – шанба кунидан 3 январь – сешанба кунига;
11 март – шанба кунидан 20 март – душанба кунига;
25 март – шанба кунидан 22 март – чоршанба кунига;
29 апрель – шанба кунидан 24 апрель – душанба кунига.
Байрам (ишланмайдиган) кунларининг узайтирилишини ҳисобга олган ҳолда, республика аҳолисининг мароқли дам олиши учун Туризм ва маданий мерос вазирлиги туризм намойиши объектлари (маданий мерос объектлари, музейлар) ва меҳмонхона хизматлари учун чегирмалар берилиши ҳамда акциялар ўтказилишини ташкиллаштирилади.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда санаторийлар ва соғломлаштириш муассасалари учун чегирмалар бериш ҳамда акциялар ўтказиш тавсия этилган.


