Жорий йилда uzbekcoders платформаси орқали “Coursera” онлайн курсларида ёшлар учун таълим олиш имконияти яратилади.
АОКАда Рақамли технологиялар вазирлиги мутасаддилари ва IT-park раҳбарлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида IT мутахассис кадрларни тайёрлаш, IT-park томонидан амалга оширилган ишлар ва Президент соврини учун «Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап» (President Tech Award) танловини ўтказиш тартиби хусусида маълумот берилди:
2023 йилдан эътиборан ҳар йили май ойидан бошлаб 5 та йўналиш: сунъий интеллект технологиялари, ижтимоий йўналишда рақамли технологиялар, ахборот ва киберхавфсизлик технологиялари,тадбиркорлик ва молиявий технологиялар, компьютер ва мобил ўйин дастурлари, ҳамда 1 та махсус йўналиш бўйича танлов ўтказилади.
Танлов ғолиблари:
асосий йўналишлар бўйича – жамоатчилик томонидан махсус порталда овоз бериш орқали;
махсус йўналиш бўйича – ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар томонидан аниқланади.
Танлов ғолиблари 5 та асосий йўналиш бўйича қуйидагича тақдирланади:
- 1-ўрин учун – 100 минг АҚШ доллари;
- 2-ўрин учун – 50 минг АҚШ доллари;
- 3-ўрин учун – 30 минг АҚШ доллари;
- Махсус йўналиш бўйича (битта) – 100 минг АҚШ доллари.


