Европа Иттифоқи жорий қиш учун етарли миқдорда газ захирасини олишга муваффақ бўлди, бироқ келгуси йил Россия газ етказиб беришни қисқартиришда давом этса, яна тақчиллик юзага келиши мумкин. Бу ҳақда 12 декабрь, душанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига таянган ҳолда маълум қилди.
«Биз қилган барча ишларимизга қарамай, келаси йил биз ҳали ҳам 30 миллиард куб метр газ танқислигига дуч келишимиз мумкин», — деди Урсула фон дер Ляйен.
Унинг сўзларига кўра, ЕИ бюджетни қайта кўриб чиқиши ва Россия газидан фойдаланишдан бутунлай воз кечиш учун йирик энергетика сармоялари учун алоҳида фонд яратиш ҳақида ўйлаши керак. Еврокомиссия раҳбари бу мақсад учун ЕИ янги қўшма қарзни ўз зиммасига олиши керак ёки йўқлигига аниқлик киритмади, бироқ блок бюджетига «бошқа манбалардан қўшимчалар киритиш» зарурлигини қўшимча қилди.


