2025 йил якунларига кўра, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан жами 1 519 814 та суд буйруғи чиқарилиб, 10,8 триллион сўмдан ортиқ мажбурий тўловларни ундириш белгиланган. Ушбу тўловлар вояга етмаган болалар учун алиментлар, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ёзма битимларга асосланган ҳамда қарздор томонидан тан олинган талаблар, шунингдек, коммунал хизматлар бўйича қарздорликларни ўз ичига олади. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Ҳисобот даврида 649 652 та фуқаролик иши кўриб чиқилган. Шундан 506 135 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган, 76 138 таси бўйича талабларни қаноатлантириш рад этилган, 60 373 та иш кўрмасдан қолдирилган, 7 006 та иш бўйича иш юритиш тугатилган.
Фуқаролик низолари энг кўп Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Андижон вилоятларида қайд этилган.
Кўриб тамомланган фуқаролик ишларининг асосий қисмини:
- 206 399 таси битимлар (олди-сотди, кредит, қарз ва бошқалар),
- 70 535 таси никоҳдан ажратиш,
- 26 960 таси уй-жой муносабатлари,
- 19 914 таси алоҳида тоифадаги ишлар,
- 12 982 таси ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки иншоотларни бузиш билан боғлиқ ишлар ташкил этади.
Никоҳдан ажратишга оид ишлар таҳлилига кўра, 37 544 та иш бўйича никоҳ бекор қилинган, 24 244 та иш бўйича даъволар рад этилган, 6 239 та иш кўрмасдан қолдирилган, 2 508 та иш бўйича иш юритиш тугатилган.


