Президент Шавкат Мирзиёев халқаро маданий тадбирларнинг якунлари, туризм соҳасини ривожлантириш бўйича навбатдаги вазифалар ҳамда йирик маданият ва туризм объектларини барпо этишга оид тақдимот билан танишди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро маданий макондаги мавқеини изчил мустаҳкамлаб бормоқда. Хусусан, Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси 190 мамлакатдан 3 мингдан ортиқ делегат иштирокида юқори савияда ўтказилди. Тадбир якунида маданий меросни муҳофаза қилиш, таълим ва креатив иқтисодиёт соҳаларида Ўзбекистон ташаббусларини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.
Японияда бўлиб ўтган ЭКСПО–2025 Бутунжаҳон кўргазмасида Ўзбекистоннинг иштироки якунлари ҳам сарҳисоб қилинди. Майдони 1,2 минг квадрат метр бўлган “Билимлар боғи” миллий павильонига қарийб 1 миллион киши ташриф буюрди. Экспозициялар халқаро ОАВда кенг ёритилиб, энг кўп ташриф буюрилган павильонлар қаторидан жой олди. Шу билан бирга, Саудия Арабистонида ўтказиладиган ЭКСПО–2030 кўргазмасида иштирок этиш учун 3,6 минг квадрат метр майдонга эга павильон қуриш режалаштирилгани маълум қилинди.
Бухоро шаҳрида ўтказилган биринчи Замонавий санъат биенналеси натижаларига алоҳида эътибор қаратилди. 70 кун давом этган тадбир 3,5 гектар ҳудуд ва 14 та реставрация қилинган маданий мерос объектини қамраб олди. Биенналеда 40 дан ортиқ давлатдан 70 нафар ижодкор ва куратор иштирок этди. Умумий ташриф буюрувчилар сони 1,8 миллион нафарга яқин бўлиб, улар орасида 100 нафардан ортиқ юқори мартабали хорижий меҳмонлар ҳам бўлган. Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг 2021 йилдан буён Венеция биенналесида доимий иштироки Италиядан сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилмоқда.
Мамлакатда йирик халқаро концерт дастурлари ҳам муваффақиятли ўтказилди. Тошкентда Женнифер Лопес, Хивада Бласк Соффеэ, Самарқандда Андреа Бочеллининг концертлари бўлиб ўтди. Тадбирлар даврида ушбу шаҳарларда меҳмонхоналардан фойдаланиш даражаси 90 фоиздан ошиб, туризм ва хизматлар соҳаси даромадларига ижобий таъсир кўрсатди.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони 11 миллиондан ошиб, туристик хизматлар экспорти 4,8 миллиард долларга етди. Шунингдек, визасиз тартиб жорий этилган давлатлар сони 94 тага етказилди.
Шу билан бирга, туризм соҳасини лойиҳа бошқаруви тизимига ўтказиш, туризм маҳсулотларини яратиш бўйича ягона механизмни жорий этиш ва йирик тадбирларни мувофиқлаштиришни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Соҳа фаолиятини рақамлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Миллий туризм платформасини ишга тушириш, давлат ва хусусий ахборот тизимларини интеграция қилиш, туристлар ва тадбиркорлар учун проактив рақамли хизматларни жорий этиш, шунингдек, нақдсиз ҳисоб-китобларни кенгайтириш вазифалари белгиланди. Бу орқали яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва туристик йиғимлардан тушумларни ошириш режалаштирилмоқда.
Туризм салоҳиятини АҚШ, Форс кўрфази давлатлари, Ҳиндистон, Хитой ва Скандинавия мамлакатлари каби устувор бозорларда илгари суриш бўйича янги маркетинг стратегиясини амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Тақдимотда йирик маданият ва туризм объектлари лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Самарқандда Регистон, Бибихоним, Шоҳи Зинда мажмуалари ва Мирзо Улуғбек расадхонасини бирлаштирувчи 6,6 километрли “Самарқанд мероси йўлаги” лойиҳаси ишга туширилмоқда. Шунингдек, майдони 19,5 минг квадрат метр бўлган уч қаватли замонавий “Ипак йўли” музейини қуриш режалаштирилган.
Мирзо Улуғбек расадхонаси ҳудудини комплекс янгилаш, янги музей биноси ва иммерсив кўргазма залларини барпо этиш, пиёда йўлакларини ободонлаштириш кўзда тутилмоқда.
Бухоро шаҳрининг бош режасида эса транспорт ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш, тарихий-этнографик боғ ҳамда кўп функцияли мажмуа — конгресс-холл, амфитеатр, кутубхона, фуд-холл, савдо объектлари ва юқори тоифали меҳмонхона қуриш режалари акс этган.
Муҳокама якунида Президент маданият лойиҳаларини туризмни ривожлантириш вазифалари билан уйғун ҳолда амалга ошириш, уларнинг иқтисодий барқарорлиги ва самарали бошқарувини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.


