2026 йил давомида Ўзбекистон аҳолисининг 1 миллионини доимий иш билан таъминлаш ва 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш режалаштирилган. Бу ҳақда 23 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда давлат раҳбари маҳаллалар еттилиги ва ҳокимларининг методик билим ва тажрибаси етарли эмаслигини, масъул вазирлик ва идоралар эса уларга етарли кўмак бермаётганини қайд этди. Шу боис мавжуд ҳудудий тажрибалар – Арнасойда чорвачилик, Шўрчи бананчилик, Қувада анорчилик, Бўстонлиқда асаларичилик – бошқа туманлар учун намуна бўлиши мумкинлиги, лекин тизимли фойдаланилмаётгани таъкидланди.
Мутасаддиларга бир ой ичида иш билан таъминлаш ва камбағалликни камайтириш бўйича юқори даражадаги маҳаллаларни ўрганиб, энг яхши амалиётларни жамлаган “методик қўлланма” ишлаб чиқиш топширилди. Ҳокимлар эса маҳаллаларда бунинг ижросини ташкил қилиб, аҳолини иш билан таъминлаш, даромадини ошириш ва уларни қийнаётган масалаларга ечим топишга масъул бўлади.
Жорий йил учун асосий вазифалар қуйидагилар этиб белгиланди:
- 1 миллион аҳолини доимий иш билан таъминлаш;
- 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш;
- Камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баробарга ошириб, 3,5 мингга етказиш;
- Ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизга тушириш.
Давлат раҳбари ҳар бир вазирлик ва ҳокимлик фаолияти маҳаллалар билан боғлиқ бўлиши, қабул қилинадиган қарорлар ҳам маҳалладаги ҳаётга таъсирини ҳисобга олиши лозимлигини таъкидлади.


