Президент Мурожаатномида 2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим устувор йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Биринчи устувор йўналиш маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб киришдан иборат.
“Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади. Айнан маҳалладаги йўл, сув, электр ва транспорт таъминоти, боғча, мактаб ва оилавий поликлиникадаги шарт-шароитларга қараб, одамлар ислоҳотларимизга баҳо беради”, – деди Президент.
Маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилаш орқали мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг қиёфасини янада гўзал ва обод қилиш ишлари давом эттирилади.
Келгуси йилдан маҳаллани ривожлантириш бўйича комплекс ёндашув жорий этилади.
Ҳар бир вилоятда 2-3 тадан туманни танлаб, ҳамма маҳалласидаги барча муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал қиладиган тизим яратилади. Уларда бир вақтнинг ўзида тадбиркорлик инфратузилмаси ҳам ривожлантирилади.
Ушбу мақсадлар учун барча манбалар ҳисобидан 8,5 триллион сўм маблағ ажратилади.
Депутатларга ўз округидаги муаммоларни ҳал этиш учун 500 миллиард сўм берилмоқда. Бу борада “яшил ҳудуд”, “яшил боғ” яратиш бўйича ҳар бир депутатнинг ташаббусига қўшимча 330 миллион сўмдан йўналтирилиши белгиланди.
Бундай ёндашув орқали 2030 йилгача шароити оғир барча туманлардаги маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфаси олиб кирилиши таъкидланди. Келгуси йилда илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм вилоятларнинг ўзига берилади.
Ушбу маблағларнинг ҳар бир сўми аҳоли учун қўшилган қиймат яратиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Шу боис, бу пуллар умуман қайсидир туман учун эмас, балки маҳаллада иш ўринлари яратадиган, аҳолини даромадли қиладиган аниқ лойиҳаларга йўналтирилади. Бу буджет маблағларини самарали ишлатишда лойиҳавий ёндашув бўлади.


