Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2026 йилдан бошлаб маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун илк бор вилоятларнинг ўзига 20 триллион сўм маблағ йўналтирилиши маълум қилинди. Таъкидланганидек, ушбу маблағ барча ҳудудларга тенг тақсимланмайди – натижа кўрсатган туманлар кўпроқ қўллаб-қувватланади.
Дўстлик тумани бунга ёрқин мисол бўлди: ажратилган 5 миллиард сўм эвазига Чинобод маҳалласидаги 2 километрли кўчанинг инфратузилмаси янгиланиб, куну-тун фаол ҳудудга айлантирилди. Иш самараси кўрингач, қўшимча 10 миллиард сўм ажратилди ва кўчага туташ дарё бўйи ободонлаштирилди. Натижада савдо ва сервис фаолияти кенгайиб, 130 нафар янги тадбиркор иш бошлади, 700 нафар фуқарога бандлик яратилди.
Бироқ шундай «драйвер» лойиҳалар учун маблағ олган Учкўприк, Бектемир, Жомбой, Китоб ва Тошкент туманларида ҳануз сезиларли натижалар кузатилмагани танқид қилинди.
Президентнинг таъкидлашича, энди ҳар бир ҳоким аниқ лойиҳа ишлаб чиқиб, тезкор натижа кўрсатса, айнан ўша ҳудудга кўпроқ маблағ йўналтирилади. Шунингдек, вилоят ҳокимларига иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартиришга хизмат қиладиган йирик инфратузилма ҳамда ишлаб чиқариш лойиҳаларини танлаб, барча тайёргарликни жорий йил якунигача тугатиш топширилди.
Йиғилишда келгуси йил учун устувор вазифалар ҳам белгиланди.
Биринчи йўналиш — қурилиш соҳасини кенгайтириш орқали аҳолини ишли ва даромадли қилиш.
2025 йилда мамлакат бўйича 675 триллион сўмлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, шундан 380 триллион сўми қурилиш ишлари ҳиссасига тўғри келади. Келгуси йилда 140 минг хонадондан иборат кўп қаватли уй-жойлар барпо этилиши белгиланган.
Ҳар бир ҳоким ушбу жараёнлардан самарали фойдаланиб, қурилиш соҳасида камида 20–25 минг, яратилаётган инфратузилма орқали эса қўшимча 10 минг кишининг бандлигини таъминлаш имкониятига эга экани қайд этилди.
Иккинчи йўналиш – сервис лойиҳаларини кўпайтириб, аҳоли бандлигини таъминлаш.
Хизматлар соҳаси айни пайтда мамлакат иқтисодиётида энг юқори ўсиш суръатини кўрсатаётган бўлсада, кўплаб вилоят ва туман ҳокимликлари туризм салоҳиятидан тўлиқ фойдаланмаётгани қайд этилди. Туризмни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадини кўпайтириш ва ҳудудий иқтисодий фаолликни ошириш учун катта имкониятлар мавжудлиги алоҳида таъкидланди.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, туризм салоҳияти юқори бўлган 150 та маҳалланинг инфратузилмаси яхшиланса, хизматлар соҳасини 10 триллион сўмгача кенгайтириш, камида 45 минг фуқарони савдо ва сервис йўналишларида банд қилиш мумкин.
Шу боис, 2026 йилда ушбу 150 та маҳалланинг ҳар бирига инфратузилмани ривожлантириш учун 3–5 миллиард сўмдан маблағ ажратилади. Вилоят ва туман ҳокимларига, шунингдек Туризм қўмитасига йил якунигача ҳар бир маҳалла бўйича мастер режаларни ишлаб чиқиш, ер аукционларини ташкил этиш ҳамда тадбиркорлар учун лойиҳаларни эълон қилиб, қурилиш ишларини бошлаш топширилди.
Маҳаллаларда меҳмон уйлари ва бошқа сервис объектларини барпо этишни қўллаб-қувватлаш учун туман банкларига 150 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратиш тизимини йўлга қўйиш вазифаси юклатилди.


