Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган фирибгарлик иши бўйича Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суда очиқ суд жараёни якунига етди. Суд жараёнида Zaomon.uz мухбири иштирок этди. Унда 1997-йилда туғилган, илгари судланмаган Шаҳзод Рисматовнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилди.
Суд ҳукмига кўра, Рисматов Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандада кўрсатилган фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбли деб топилиб, 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Шунингдек, жабрланувчиларга етказилган моддий зарар: Ж.Ю. фойдасига 3 млрд 448 млн сўм, С.С. фойдасига 925 млн сўм ва Ж.А. фойдасига 464 млн сўм ундирилиши белгилади.
Суд томонидан ушбу ишга дахлдор бошқа шахслар, жумладан, “Real Sanjik” тахаллуси билан танилган блогерга нисбатан жиноят иши қўзғатиш масаласини кўриб чиқиш учун материаллар Мирзо Улуғбек тумани прокуратурасига юборилиши кўрсатиб ўтилди. Суд, шунингдек, олди-сотди шартномаларини бекор қилиш бўйича фуқаролик тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқини жабрланувчиларга тушунтирди.


