Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида истиқомат қилувчи Малика Шаниязова фарзанди Жаҳонгир Олишовнинг ўлим тўғрисидаги гувоҳномасини олишда амалий ёрдам сўраб туман адлия бўлимига мурожаат қилди [https://telegra.ph/adliya-08-24-20]. Мурожаат бўлим томонидан иш юритувига олиниб, зарур ҳужжатлар тўпланди. Унга кўра, фуқаро М.Шаниязованинг фарзанди Олишев Жаҳонгир Равшан ўғли 1997 йил 28 январда вафот этгани ва Мирзаобод тумани Тинчлик маҳалласидаги “Парча юз” қабристонига дафн этилгани маълум бўлди. Бироқ айрим сабабларга кўра унинг ўлими қайд этилмасдан қолган. Яъни, ФҲДЁ архиви томонидан берилган маълумотномалар (1994-2022 йиллар текширилганда) Олишев Жаҳонгир Равшан ўғлининг ўлими хақидаги далолатнома ёзувлари мавжуд эмаслигини кўрсатди. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексининг 283-моддаси 10-бандига кўра, юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни, агар қонун ҳужжатларида уларни белгилашнинг бошқача тартиби назарда тутилган бўлмаса, белгилашга оид ишларни кўради. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1991 йил 20 декабрдаги 5-сонли “Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 20-бандига кўра, агар шахснинг маълум вақт ва маълум ҳолатда вафот этганлигини тасдиқловчи ишончли далиллар мавжуд бўлса, Фуқаролик процессуал кодекси 295-моддасининг 10-бандига асосан суд ўлганлик фактини белгилайди. Юқоридагиларга асосан, туман адлия бўлими томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судига ариза киритилди. Натижада Мирзаобод туман адлия бўлимининг фуқаро Малика Шаниязованинг манфаатида киритилган аризаси қаноатлантирилиб, суднинг ҳал қилув қарори билан Олишев Жаҳонгир Равшан ўғлининг ўлганлик факти белгиланди.