Биринчи ва иккинчи мақолада Ўзбекистон ҳамда Туркманистоннинг Афғонистон билан боғлиқ лойиҳалари ҳақида сўз борганди. Қуйида Хитой ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларининг афғон заминида илгани сураётган иқтисодий таклифлари ҳақида фикр юритилади.
Афғонистон – “Янги Ипак йўли”даги муҳим транзит давлат
Афғонистондаги муҳим иқтисодий лойиҳалар ҳақида гап борар экан, сўнгги йилларда дунёнинг йирик куч марказларидан бирига айланган Хитойни ёддан чиқармаслик зарур. Бошқа қудратли давлатлардан фарқли ўлароқ, Пекин афғонлар билан умумий чегарага эга. Афғонистондаги барқарорлик ўз навбатида Хитой чегараларидаги барқарорликни ҳам англатади.
Иккинчидан, Кобул тобора Хитойнинг йирик геоиқтисодий лойиҳаларида муҳим ўрин эгаллаб бормоқда. Хусусан, Пекин томонидан таклиф қилинаётган ва “Янги Ипак йўли” номини олган “Бир камар-бир йўл” лойиҳасида Афғонистон ўзига хос чорраҳа вазифасини бажаради. Мақсади қуруқлик орқали Ғарб ва Шарқнинг йирик иқтисодий марказларини боғлаш бўлган бу йўл Марказий Осиёда тармоқларга ажралади. Жумладан, Афғонистон орқали Покистонни Хитой билан боғлаш кўриб чиқилмоқда. 2013 йилдан бошлаб хитойиклар Марказий Осиё ва Покистонга Хитой-Марказий Осиё-Ғарбий Осиё ҳамда Хитой-Покистон иқтисодий йўлаги орқали катта инвестициялар киритди. Бу эса ўз навбатида Пекин учун Афғонистон аҳамиятини ошириб юборди. Барқарорлик йирик лойиҳаларнинг хавфсизлигида муҳим ўрин тутади.
Афғонистон — бой табиий ресурсларга эга мамлакат. Экспертлар 2020 йилда Афғонистон нодир металлари заҳирасини уч триллион долларга баҳолаган. Хитой ана шу табиий бойликлардан фойдаланиш учун толиблар билан ҳамкорликни бошлаши мумкин.
Масалан, литий заҳираси бўйича Афғонистон дунёда биринчи ўринда туриши тахмин қилинган. Литий асосан электромобил ишлаб чиқаришда ишлатилади. Кейинги ўн йиликда бутун дунё автосаноати электрон машиналар ишлаб чиқаришга ўтади. Бу эса Афғонистон ва унинг савдо ҳамкорлари учун манфаатли.
Бундан ташқари, Хитой Афғонистоннинг энг катта мис кони — Айноққа инвестиция киритган. Ушбу мис кони ресурслари 88 миллиард долларга баҳоланган. Хитойнинг икки инвестицион компанияси конга 4 миллиард доллар сармоя киритган. Афғонистонда аниқланган мис заҳиралари миқдори жами 274 миллиард долларга тенг. Кейинги ўн йилликда мисга бўлган талаб бир неча баробар ошиши ҳисобга олинса, бу Пекин учун жуда катта имконият.
Жанубий ва Марказий Осиё электр энергиясини бирлаштирувчи лойиҳа
Афғонистон ҳудуди орқали қурилиши режалаштирилган яна бир электр узатиш линияси – CASA-1000 деб аталади. У Қирғизистон ва Тожикистонда ишлаб чиқарилган электр энергияни Жанубий Осиёга тўғридан тўғри экаспорт қилишни назарда тутади. Дастлабки маълумотларга кўра, унинг умумий қиймати 1 миллиард доллардан ошади.
Жаҳонгир Қўзиев


