Афғонистоннинг Хост провинциясида “Толибон” ҳукумати навбатдаги ўлим жазосини ижро этди. Маҳаллий ҳокимиятнинг маълумотига кўра, провинция марказий стадионида ўтказилган маросимни 80 мингга яқин одам кузатган. Хабар қилинишича, аҳоли тадбирга олдиндан таклиф қилинган, бироқ стадионга смартфон олиб киришга қатъий тақиқ қўйилган.
Расмийларга кўра, олий суд қасддан одам ўлдиришда айбланган шахсга берилган ҳукмни бир неча босқичда кўриб чиқиб тасдиқлаган, кейинчалик эса у “Толибон” етакчиси томонидан маъқулланган. Марҳумнинг оиласи айбланувчини кечириш таклифини рад этгани сабабли ҳукм ижро этилган. Мазкур иш доирасида яна икки киши ҳам ўлим жазосига ҳукм қилинган, бироқ ҳуқуқий жараён якунланмагани боис улар бўйича ҳукм ижро этилмаган.
БМТ ҳамда инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Афғонистонда ўлим жазосининг давом эттирилишини мунтазам танқид қилиб келади. Улар «Толибон»нинг суд тизими халқаро стандартларга мос эмаслигини, суд жараёнларида адвокат ёллаш имконияти чекланганини таъкидлайди. Танқидчиларга кўра, оммавий қатл маросимларига одамларни жалб этиш аҳоли орасида қўрқув ва босим кучайишига олиб келмоқда.


