Афғонистоннинг икки вилоятида содир бўлган зилзила қурбонлари сони 900 нафардан ошди, деб хабар бермоқда "Aamaj News".
Пактика ва Хостда вилоятларида 610 киши жароҳат олди.
“Президент саройида Бош вазир мулла Муҳаммад Ҳасан Охунд раислигида фавқулодда йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Пактика ва Хостдаги зилзила қурбонларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш масаласи муҳокама этилди”, — деб ёзди ҳаракат матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид твиттерда.
Хабарда айтилишича, ҳукумат зилзила қурбонларига ҳамдардлик билдиришдан ташқари, тегишли идораларга ҳудудга тезкор гуруҳларни жўнатиш бўйича кўрсатма берди. Шунингдек, қурбонлар оилаларига моддий ёрдам кўрсатиш ва ярадорларни даволаш чоралари кўрилди.
Маълумотларга кўра, Пактика, Пактия, Хост, Лағмон, Ғазни, Лўгар ва Кобул вилоятларида қайд этилган зилзила кучи Рихтер шкаласи бўйича 6,1 баллни ташкил қилган.


