Афғонистондаги вазият ШҲТнинг Самарқанд саммитида кўриб чиқиладиган асосий масалалардан бўлиши, шубҳасиз. Афғон замини ШҲТ маконининг ажралмас қисми экани Ўзбекистгн Республикаси Президенти томонидан ҳам таъкидланди.
Афғонистон муаммоси ҳал этилишида Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти асосий платформага айлана оладими? Давлатларнинг турли позицияларини мувофиқлаштиришнинг имкони борми? Zamon.uz мухбири шу каби саволлар билан эксперт Анвар Салиҳбоевга юзланди:
"Афғонистон ШҲТ тузилганидан буён ташкилот диққат-марказида бўлиб келган. 2005 йилда ШҲТ доирасида Афғонистон бўйича мулоқот гуруҳи тузилди.
НАТОнинг 20 йиллик иштироки (2001-2021 йилларда) мулоқот гуруҳи фаолиятига салбий таъсир кўрсатган бўлса-да, аъзо давлатларнинг барчаси ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатилишидан манфаатдор.
Ҳозирда ШҲТ аъзолари доимий равишда Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиб келмоқда.Масалан, Марказий Осиёнинг барча давлатлари афғон халқига электр энергияси етказиб бермоқда.
Мулоқот гуруҳи мавжуд бўлса-да, Афғонистон ҳукуматининг сиёсий жиҳатдан тан олинмагани ортидан реал қадамлар ташланмаган.
Шуни қайд этиш керакки, ШҲТга аъзо бошқа давлатлар ҳам афғон муаммосига у ёки бу даражада тортилган. Хусусан, Покистон ва Эронда миллионлаб қочқинлар бор.
Фикримча, Афғонистон ҳудудида ШҲТ давлатлари томонидан илгари сурилаётган иқтисодий ташаббуслар тезроқ амалга оширилиши керак. Гап углеводород ва темирйўл коридорлари ҳақида кетмоқда. биргина Трансафғон темирйўли бир неча минтақанинг иқтисодий жиҳатдан бирлаштириши мумкин.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Президенти саъй-ҳаракатлари билан бу режаларни амалга ошириш бўйича катта қадамлар ташланди.
Турли давлатларнинг турли позицияларни мувофиқлаштириш муҳим аҳамиятга эга. ШҲТга аъзо барча давлатларнинг барчаси Афғонистондаги вазият барқарорлашувидан манфаатдор".


