Аввалроқ Афғонистон темирйўл бошқармаси келишилган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошира олмаётгани сабабли 1 февралдан Афғонистонга темирйўл қатнови вақтинча тўхтатилиши маълум қилинганди. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мазкур ҳолатга изоҳ берди.
Қайд этилишича, 2022 йил декабрда Афғонистоннинг махсус комиссияси билан кўриб чиқилиб, келишилган янги шартнома шартлари Афғонистон темир йўллари бошқармаси раҳбари томонидан янгитдан шарҳланмоқда. Бунда ОАВ орқали ўзбек томонини айблашга ҳаракат қилинаётгани ҳамда келишилган хизмат қийматларини бошқача талқин қилиб ўзини оқлаш учун фойдаланилаётгани тушунарсиз вазиятни юзага келтирмоқда.
Такидланишича, Хайратон станциясида амалга ошириши лозим бўлган техник ишларнинг ўзлари томонидан белгиланган муддатларда бажарилмагани бўйича Афғонистон тарафдан ҳеч қандай тушунтириш берилмаяпти.
Аввалроқ Хайратон станциясига етказиб берилган вагонларни бўшатиш ва қайтариш ишларини ташкил этиш учун Афғонистон темир йўл бошқармаси “Mansor Fateh” компаниясини билан шартнома имзолагани тўғрисида маълумот тарқатилганди. Ушбу ташкилот 31-январга қадар Хайратон станциясида келишилган муддатда ишларни ташкиллиштиришга улгурмаган.
Бундан ташқари, “Согдиана транс” ШК тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида вақтинчалик автомобиль транспорти орқали юклар ташувини ташкиллаштиришда ёрдам беришига қарамай, қўшни давлат томони тадбиркорларга юкларни автомобиль транспорти орқали ташимаслик тўғрисида тавсия бераётгани ҳақида маълумотлар келмоқда.
Афғонистон темирйўл бошқармаси раҳбариятининг илтимосига кўра, кейинги ҳафта бошида Термиз шаҳрида Афғонистонга темирйўл орқали юкларни ташишни ташкил этиш, Хайратон станциясига етказиб бериш ва олиб чиқишни ташкил этиш бўйича “Согдиана транс” ШК ва Афғонистон темирйўл бошқармаси ўртасида янги шартнома имзоланиши режалаштирилмоқда.
“Шартнома имзоланган кундан бошлаб Ғалаба – Хайратон темирйўли очилиши ҳақидаги янгиликларни маълум қиламиз”, — дейилади хабарда.