Шу йилнинг 27 декабрь куни "Афросиёб" электропоезди йўл созловчисини босиб кетди. Маълум қилинишича, "Бухоро минтақавий темир йўл узели" УК га қарашли Жума-Каттақўрғон темир йўл бекатлар оралиғида тезюрар "Афросиёб" электропоезди машинисти томонидан берилган камчиликни бартараф этиш мақсадида иш раҳбари ва 9 нафар йўл созловчилар биргаликда таъмирлаш ишларини амалга оширишган. Темир йўл изи ичидан бригада олдига қайтаётган йўл созловчиси М. Ш. йўл бригадирининг огоҳлантириш ишораларига эътибор бермаган ҳамда "Афросиёб" электропоезди машинисти томонидан берилган огоҳлантириш сигналини ҳам эшитмаган. Оқибатда Тошкент-Бухоро йўналишида юқори тезликда ҳаракатланиб келаётган 770-сонли "Афросиёб" электропоезди йўл созловчисини уриб кетган ва у воқеа жойида вафот этган.