Ўзбекистонда айрим маҳаллий ҳокимликлар томонидан ходимларни аҳолини рўйхатга олиш тадбирларига иш вақтидан ташқари мажбуран жалб этиш ҳолатлари аниқланди. Меҳнат инспекцияси бу каби амалиётлар “мажбурий топшириқ” номи остида амалга оширилаётганини маълум қилди.
Текширувлар натижасида Бухоро шаҳри, Олтинкўл, Асака ва Марҳамат туманлари ҳокимликларига расмий огоҳлантиришлар юборилди. Шунингдек, Андижон вилояти ҳокимлигига аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилди.
Меҳнат инспекцияси таъкидлашича, ходимни унинг розилигисиз, босим ёки топшириқ асосида иш вақтидан ташқари ишларга жалб этиш мажбурий меҳнат ҳисобланади ва бу қонунчиликка зид. Айниқса, бундай ҳолатлар давлат органлари томонидан содир этилаётгани жиддий хавотир уйғотмоқда.
Инспекция иш вақтидан ташқари меҳнат фақат ходимнинг ихтиёрий розилиги билан амалга оширилиши мумкинлигини, бунинг учун эса Меҳнат кодексининг 262-моддасига мувофиқ ҳақ тўланиши шарт эканини эслатди. Қонунга кўра, дастлабки икки соат камида 1,5 баравар, ундан ортиқ соатлар эса камида 2 баравар миқдорда ҳақ тўланиши лозим.


