Бирлашган Араб Амирликлар лоукостери “Air Arabia” Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига парвозларни йўлга қўйиш ниятида. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар қилди.
Вазирлик вакиллари янги йўналишларда қатновларни йўлга қўйиш масаласини авиакомпаниянинг тижорат менежери Акрам ал Исмоил билан муҳокама қилишган. Учрашув БААнинг Тошкентдаги элчихонасида бўлиб ўтган.
Меҳмонлар Самарқанд ёки Бухорога парвозларни йўлга қўйиш режалаштирилаётганини маълум қилишди.
2023 йилда авиакомпаниянинг Абу Дабидаги таянч аэропорти ихтиёридаги самолётлар сони 8 тадан 15 тага кўпайиши кутилмоқда. Шунингдек, томонлар Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотларини авиақатнов орқали БААга экспорт қилиш имкониятларини муҳокама қилишди.
Маълумот ўрнида, “Air Arabia” авиакомпанияси асосан А-320 русумидаги самолётлар билан таъминланган бўлиб, Шаржа шаҳридан Тошкент шаҳрига ҳафтасига 3 марта қатновларни амалга оширади.


