Қурбон ҳайити муносабати билан 28 июнь куни республика ҳудудидаги 2 124 та масжидлардан 2 058 тасида соат 05:00 дан 06:20 гача ҳайит намозлари ўқилади ва тахминан 2 млн 200 минг нафардан ортиқ фуқаролар қатнашиши кутилмоқда.
ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонованинг маълум қилишича, Ҳайит намози ўқиладиган масжидларда жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга 10 846 нафар ички ишлар органлари, 2 653 нафар Миллий гвардия ва 2 252 нафар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари жалб этилади.
Хизматда фойдаланиш учун 5 849 та алоқа воситалари, 2 059 та автотранспорт, 4 194 та металлодетектор ва 261 та хизмат итлари ажратилади. Бундан ташқари, ҳудудларда 3 318 нафар заҳира кучлари ташкил этилган.
Шунингдек, республика ҳудудидаги 9 480 та мусулмонлар қабристонларига фуқароларнинг ташрифи буюришларини инобатга олиб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 7 461 нафар ички ишлар органлари, 446 нафар Миллий гвардия ва 1 895 нафар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларини жалб этилади.


