Мазкур вазифа ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 7 июнь санасида Вазирлар Маҳкамасининг “Актуарий малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги 305-сонли қарори қабул қилинди. Тасдиқланган Регламентга мувофиқ, бир ой муддатда мазкур давлат хизматини кўрсатиш ЯИДХП орқали жорий этилади.
Бунда, даъвогар актуарий малака сертификатини бериш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари маркази орқали ёки ЯИДХП да рўйхатдан ўтиб, электрон шаклда мурожаат этиши мумкин.
Даъвогарнинг актуарий малака сертификатини бериш тўғрисидаги мурожаатини кўриб чиқиш бўйича давлат хизмати кўрсатилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.
Актуарий малака сертификатини бериш бўйича ваколатли орган – Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги даъвогарнинг мурожаати келиб тушган кундан бошлаб ўн кун муддатда даъвогарга малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Малака имтиҳони икки босқичда ўтказилади:
тест синови – уч академик соат давомида компьютер орқали;
имтиҳон билетлари бўйича ёзма ва оғзаки имтиҳон – масалаларни ечиш ва оғзаки жавобга тайёрланиш учун уч академик соат берилади.
Ваколатли орган малака имтиҳонини муваффақиятли топширган даъвогарлар учун белгиланган тартибда QR-код қўйилган актуарий малака сертификатини расмийлаштиради ва уни ўз ЭРИси билан тасдиқлаб, тегишли Давлат хизматлари марказига ёки даъвогарга ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади.
Актуарий малака сертификати ваколатли орган томонидан беш йил муддатга берилади.
Маълумот учун: Актуарий малака сертификати – жисмоний шахсга, агар ушбу шахс актуар ташкилот штатида ёки у билан актуар ташкилот ўртасида фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилган бўлса, актуар хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат.


