Албанияда ҳукуматнинг янги таркиби тақдим этилган парламент йиғилишида ноодатий воқеа юз берди. Сунъий интеллект технологияси асосида яратилган биринчи виртуал вазир — Диелла парламент минбаридан нутқ сўзлагач, сессия тартибсизликларга айланиб кетди. Бу ҳақда Albanian Times хабар берди.
18 сентябр куни ўтказилган йиғилишда бош вазир Эди Рама томонидан тақдим этилган ҳукумат таркиби 82 нафар депутат томонидан маъқулланди. Шундан сўнг йиғилишни ёпиқ деб эълон қилган спикер Нико Пелеши чиқиш тартибини якунлади. Бироқ давлат харидларига масъул вазир сифатида тайинланган виртуал шахс — Диелла нутқи бошланиши билан мухолифат кескин норозилик билдирди.
Депутатлар стол устига уриб, йиғилишни издан чиқаришга уринди, айримлари эса конституция китоблари ва сув идишларини ҳукумат аъзоларига улоқтирди. Бу пайтда залда бўлган хорижий дипломатлар ҳам вазиятни юмшатa олмади.
Диелла ўз чиқишида конституцияга зид равишда тайинланмаганини таъкидлади ва фаолиятига эрта ҳукм чиқарилмаслигини сўради. Шунингдек, у давлат бошқарувида самарадорлик ва шаффофликни оширишга ҳисса қўшишини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, 12 сентябр куни Албания ҳукумати тарихий қарор қабул қилиб, сунъий интеллект асосидаги виртуал моделни давлат харидларини бошқарувчи вазир этиб тайинлаган эди. Мутaxассисларнинг фикрича, мазкур тажриба мамлакат сиёсий ҳаётида янги босқични бошлаб берган бўлса-да, мухолифатнинг кескин реакцияси унинг истиқболига шубҳа туғдирмоқда.


