Айни кунларда Таиланд Қироллигининг Бангкок шаҳрида Тиббий буюмларни тартибга солиш талабларини уйғунлаштириш бўйича глобал ишчи гуруҳи (GHWP)нинг 29 йиллик анжумани ва Техник қўмита йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Ушбу тадбирда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темиров ҳам иштирок этмоқда.
Маълумот ўрнида, GHWP тиббий жиҳозларни рўйхатдан ўтказиш, хавфни баҳолаш, сертификатлаш, бозор назорати ва сифат менежменти бўйича ягона глобал ёндашувларни шакллантирувчи нуфузли платформа бўлиб, таркибига Япония, Жанубий Корея, Хитой, Cингапур, Малайзия ва яна 30 дан ортиқ мамлакатлар киради. Ўзбекистон 2024 йилда тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинган.
Анжуманда тиббий жиҳозларни тартибга солишнинг янги глобал стандартлари, сертификатлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиблари, хавфга асосланган ёндашувлар ва бозор назоратини самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Эътиборлиси, GHWPнинг янги раҳбариятини шакллантириш жараёнида Алишер Темиров GHWPнинг Регулятор органлари бўйича раис ўринбосари лавозимига бир овоздан сайланди. Бу Ўзбекистоннинг тиббий жиҳозлар соҳасидаги ислоҳотлари халқаро миқёсда тан олинаётганининг муҳим белгисидир.
Шунингдек, 2026 йилда GHWP Техник қўмита раҳбарлари йиғилиши Тошкент шаҳрида ўтказилиши бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистоннинг GHWPдаги фаоллиги — тиббий жиҳозлар соҳасида модернизация, регулятор тизимни глобал талабларга мослаштириш ва халқаро ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича давлат сиёсатининг амалий натижасидир.


