Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.
Йиғилишда АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Сержио Гор ҳам иштирок этди. Учрашув давомида томонлар ўртасидаги муҳокамалар самарали, очиқ ва истиқболга йўналтирилган руҳда ўтгани таъкидланди.
Саида Мирзиёеванинг сўзларига кўра, олдинда икки мамлакат учун муҳим аҳамиятга эга бўлган устувор йўналишларда кенг кўламли ва мазмунли ҳамкорлик ишлари турибди. Ушбу кенгаш Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва янги ҳамкорлик имкониятларини яратишга хизмат қилади.
Маълум қилинишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 12 ноябрдаги фармонига мувофиқ ушбу кенгаш ташкил этилган. Унга АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Сержио Гор ҳамраис этиб тайинланган.
Шунингдек, 5 февраль куни Саида Мирзиёева Қозоғистон парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев билан учрашув ўтказиб, парламентлараро ҳамкорлик, савдо-иқтисодий алоқалар ҳамда маданий-гуманитар йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган эди.


