Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев андижонлик сайловчилар билан учрашувда таълимга оид қилинадиган ишлар хусусида айтиб ўтди. “Келгуси йилларда боғча етарли бўлмаган 131 та маҳаллада 1,5 мингта давлат ва хусусий боғчалар барпо этилади, 210 та боғчанинг қувватлари оширилади. Натижада қўшимча 90 минг болажонларимиз учун мактабгача таълим имкониятини яратиб, қамровни 100 фоизга етказамиз. Келгуси етти йилда мактаб мавжуд бўлмаган 25 та маҳаллада жами 20 минг ўринли янги мактаблар барпо этилади. Шунингдек, 150 та мактабда қўшимча ўқув бинолари қуриш ҳисобига, 80 минг ўқувчи ўрни яратилади. Келгуси йилларда Андижон давлат университетида 2 минг ўринли, Андижон чет тиллари институтида 1 минг ўринли, Андижон тиббиёт институтида 1 минг ўринли янги ўқув бинолари барпо этилади. Илмга чанқоқ вилоят ёшлари учун 6 та янги олийгоҳ ташкил этилиб, уларда 30 дан ортиқ янги йўналишлар очилади. Булар ҳисобидан, олий таълимда қамров ҳозирги 30 фоиздан 50 фоизга етказилади”, – деди Шавкат Мирзиёев.