29-апрель куни Андижон вилояти Андижон туманидаги “Айрилиш” қишлоғида содир бўлган жиноят иши бўйича суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълумот берди.
Маълум бўлишича, эркак киши уй яқинида ўйнаб юрган икки нафар 5 ёшли қизалоққа музқаймоқ олиб беришни ваъда қилиб, уларни велосипедда тахминан 2–3 км узоқликдаги жойга олиб кетган. Сўнг, уларни қўрқитиб, қулоқларида гўёки ўргимчак борлигини айтган ва шу баҳона билан ҳар бирига тегишли бўлган, умумий қиймати 2 миллион сўмдан ортиқ бўлган тилла зиракларни ечиб олган.
Суд жараёнида айбланувчи қилган ишидан чуқур пушаймон эканини билдириб, ота-оналардан узр сўради.
Суд томонидан жиноятчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғирлик) асосида 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.


