Ижтимоий тармокда Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида фермерларнинг ерлари ноҳақ олиб қўйилаётгани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ушбу ҳолат Қўрғонтепа тумани Дардоқ қишлоғида жойлашган “Шароф Рашидов” массивига оид бўлиб, мазкур массив 1800 гектар ер майдонига эга.
114 та фермер хўжаликка бўлиниб кетган ушбу ҳудуднинг айрим жойлари самарасиз фойдаланиш оқибатида ҳозирда қаровсиз ҳолатга келиб қолган. Ҳудуддаги кўп майдонлардан мева етиштириш ва экин ишлари қолиб, бошқа мақсадларда фойдаланилган.
Таъкидланишича, шу массивда жойлашган “Ёртибоши” маҳалласидаги 500 дан ортиқ аҳолини ишсизлик ва камбағаллик муаммоси қийнаб келади. Бу ерлик аҳоли олдиндан “Узумчилик” фаолиятини яхши билган, аммо фермер хўжаликлари тасарруфида бўлган ерлардан фойдаланиш имкони уларда бўлмаган эди.
2021 йилда мазкур ҳолат билан яқиндан танишган туман ҳокими, ҳудуд фаоллари ва нуронийлари билан кенгашган ҳолда, “Шароф Рашидов” массиви ер майдонларидан ўзини оқлаган йўналишларда фойдаланиш, самарасиз майдонлар ўрнида узумчилик кластерларини ташкил этиш орқали янги технологиялар ҳамда илмга асосланган лойиҳаларни ишга тушириш таклифини маъқуллаган.
“Ерлардан самарали фойдаланаётган фермерлар мазкур ҳолат бўйича тушунмовчиликка юз тутган ва ушбу суратларни олишган. Аммо, шу куннинг ўзида туман ҳокими фермерлар билан учрашган ва барча масалага ойдинлик киритиб олиниб, муаммолар барҳам топган”, —дейилади хабарда.
Воқеадан бир ой вақт ўтиб, аҳамиятини йўқотиб бўлган мавзудаги ушбу суратлар тармоқларга сиздирилган. Ҳозирда ушбу муаммолар тўлиқ бартараф этилган.


