Андижон вилоятида Ички ишлар бошқармаси ходими ҳамда университет менежери пора олиш ҳолати билан қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги маълумот берди.
Маълум бўлишича, ИИБ ходими синов имтиҳонларидан паст баҳо олган курсдошига декан орқали имтиҳонларни қайта топширмасдан туриб, юқори баҳолар қўйиб беришни ваъда қилган. Ушбу «хизмат» эвазига у 2 миллион 700 минг сўм талаб қилган. Талаба мазкур ҳолат юзасидан Шахсий хавфсизлик бош бошқармасига мурожаат қилган.
Тезкор тадбир давомида ИИБ ходими пулни олаётган пайтда ушланган. У ушбу ишга алоқадор яна бир шахс борлигини маълум қилган. Аниқланишича, 2001 йилда туғилган, университетда менежер лавозимида ишловчи фуқаро баҳоларни қўйдириб беришда воситачилик қилган.
Университет менежери ҳам 2 миллион 500 минг сўм порани олаётган вақтида далилий ашёлар билан қўлга олинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан қонуний тартибда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


