Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси, Божхона ҳамда Ички ишлар органлари ҳамкорлигида Асака туманида тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда ДХХ Zamon.uzga хабар берди.
Тадбир давомида Асака туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган фуқаронинг ёнидан 1 дона номсиз спрей идишидаги номаълум суюқлик ҳамда 2 дона номсиз дори воситаси аниқланиб, вақтинча сақловга олинди.
Тезкор тадбирлар давом эттирилиб, Ҳўжаобод туманидаги ушбу шахсга тегишли хонадон кўздан кечирилганда, мазкур манзилда нарколаборатория ташкил этилгани маълум бўлди.
Хонадондан спрей идишлардаги номаълум суюқликлар, оқ рангли кукунсимон моддалар, кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда наркотик моддаларни тайёрлашда фойдаланиладиган махсус анжомлар ашёвий далил сифатида олинди.
Экспертиза хулосасига кўра, аниқланган моддалар «Альфа-ПВП» синтетик гиёҳвандлик воситаси ҳамда «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи модда эканлиги тасдиқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан нарколаборатория эгасига нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


