Ижтимоий тармоқларда “Амирсой”да электр энергиясида узилиш бўлгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Энергетика вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, “Амирсой”га қарашли электр қурилмада носозлик юзага келган ва дор йўлининг тўхташига сабаб бўлган. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан электр энергияси узлуксиз етказиб берилган.
Олинган маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда ушбу носозлик оромгоҳ масъуллари томонидан бартараф этилиб, дор йўли қайта ишга қўйилган.
Шунингдек, бугун Тошкент вилоятидаги Ангрен иссиқлик электр стансиясининг энергоблокида носозлик юзага келган. Ушбу носозликни бартараф этиш ишларини жадаллаштириш мақсадида Энергетика вазири бошчилигида вазирлик раҳбарияти зудлик билан мазкур стансияга етиб борган.
Носозликни бартараф этиш бўйича махсус бригада ташкил этилган ва ишларни жадаллаштириш бўйича тегишли топшириқлар берилган. Таъмирлаш ишлари қисқа вақт ичида якунланади.
Ҳозирда Ангрен шаҳрига электр энергияси барқарор етказиб берилмоқда, шунингдек, қисқа вақт ичида иссиқлик энергияси етказиб берилиши йўлга қўйилади.


