Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ томонидан эҳтимолий ҳарбий ҳужум содир этилган тақдирда, Теҳрон Форс кўрфази минтақасида жойлашган Америка ҳарбий базаларига зарба беришини маълум қилди. Вазирнинг таъкидлашича, бундай зарбалар қўшни давлатларга қарши эмас, балки фақат АҚШ ҳарбий объектларига қаратилади.
"Бизда Америка ҳудудига ҳужум қилиш имконияти йўқ. Агар Вашингтон бизга ҳужум қилса, биз унинг минтақадаги базаларига ҳужум қиламиз", деб таъкидлади Ароқчи.
6 февраль куни Уммоннинг Маскат шаҳрида АҚШ ва Эрон делегациялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Томонлар долзарб масалаларни муҳокама қилиб, келгусида учрашувларни давом эттириш бўйича келишувга эришган. Учрашувда АҚШ Марказий қўмондонлиги вакили ҳам қатнашгани қайд этилди.
Шу билан бирга, айрим таҳлилларга кўра, Вашингтон эҳтимолий кескин сценарийларга тайёргарликни давом эттирмоқда.
Эрон томони ядровий дастур бўйича муаммо фақат музокаралар орқали ҳал қилиниши мумкинлигини таъкидлаб, уранни бойитиш даражаси мамлакат эҳтиёжларига боғлиқ эканини билдирди.


