АҚШ маъмурияти Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан амалда бўлиб келаётган “Жексон–Веник” савдо чекловларини бекор қилиш ташаббусини қўллаб-қувватламоқда. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар бермоқда.
Бу ҳақда АҚШ давлат котиби ва президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Марко Рубио Сенатнинг ташқи ишлар қўмитасида бўлиб ўтган эшитувлар чоғида маълум қилди.
Рубионинг сўзларига кўра, мазкур тузатишни бекор қилиш Вашингтоннинг минтақадаги давлатлар билан иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлигини кенгайтириш учун янги имкониятлар яратади. “Биз бунга интилаяпмиз. Бу Марказий Осиё республикалари билан ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади”, — деди у сенаторларнинг саволларига жавоб берар экан.
“Жексон–Веник” тузатиши 1974 йилда АҚШ Конгресси томонидан қабул қилинган бўлиб, дастлаб Совет Иттифоқида эркин эмиграция чекланганига жавоб сифатида жорий этилган эди. СССР парчалангандан сўнг ушбу чекловлар автоматик равишда мустақил МДҲ давлатларига, жумладан Марказий Осиё мамлакатларига ҳам татбиқ этилган. Марко Рубио аввалроқ бу ҳужжатни “ўтмишдан қолган норма” деб атаган.
Сенат эшитувларида сўз олган сенаторлардан бири ўзи ва ҳамкасби Марказий Осиё давлатларига нисбатан “Жексон–Веник” тузатишини бекор қилиш бўйича қонун лойиҳасини аллақачон тайёрлаганини маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, 6 ноябрь куни бўлиб ўтган “C5+1” форматидаги саммитда ҳам АҚШ ушбу чекловларни яқин келажакда бекор қилиши мумкинлиги ҳақида сигнал берган эди.


