Oxu.az нашри берган хабарга кўра, бу ҳақда у Оқ уйда бўлиб ўтган, бюджет ва солиқ сиёсати режалари муҳокамасига бағишланган тадбирда баёнот берган.
“Кеча биз Хитой билан савдо битимини имзоладик. Улар ҳозиргина бу битимни тасдиқладилар”, — деди президент. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Ҳиндистон билан ҳам худди шундай йирик келишувга эришиш устида иш олиб бормоқда.
“Биз Ҳиндистон билан шартнома тузишимиз мумкин. Жуда катта келишув. Бу орқали АҚШ бизнеси учун Ҳиндистон бозорини очамиз. Хитой билан имзоланган битим доирасида эса АҚШ ишлаб чиқарувчилари учун Хитой бозори очила бошлайди”, — дея таъкидлади Доналд Трамп.
Президент, шунингдек, барча давлатлар билан савдо шартномалари тузилмаслигини қайд этди. “Баъзиларига биз хат юборамиз: улар 25 фоиз, 35 фоиз ёки 45 фоиз бож тўлаши кераклигини билдирган ҳолда”, — деди АҚШ маъмурияти раҳбари.
Маълумот учун, 2 апрель куни АҚШ Президенти 185 мамлакат ва ҳудудлар маҳсулотларига божхона тўловлари жорий этилишини эълон қилган эди. Унга кўра, 10 фоизлик универсал тариф 5 апрель куни, махсус индивидуал тарифлар эса 9 апрелдан кучга кирган.
Ўша куни Трамп айрим жавоб тарифларини 90 кунга тўхтатиб туришга қарор қилганини ҳам билдирди. Оқ уй бу чорани савдо маслаҳатлашувлари жараёнлари билан боғлиқ, деб изоҳлаган. Шу вақт давомида 10 фоиз универсал тариф амал қилади.


