АҚШ Арманистонга Россияга энергетик қарамликни камайтириш эвазига 9 миллиард долларгача инвестиция таклиф қилди. Бу ҳақда Bloomberg нашри хабар берди. Мазкур ташаббус Вашингтоннинг Жанубий Кавказдаги таъсирини кучайтириш ва минтақадаги геосиёсий мувозанатни қайта шакллантириш стратегиясининг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.
Таклиф доирасида АҚШ Арманистон билан тинч мақсадларда ядро энергиясидан фойдаланиш бўйича кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўймоқчи. 9 февраль куни Ереванда АҚШ вице-президенти Жей Ди Венс ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян ушбу йўналишдаги икки томонлама битимни имзолади. Ҳужжат Америка ядро технологиялари, ёқилғиси ва хизматларини етказиб бериш учун ҳуқуқий асос яратади.
Ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири сифатида кичик модулли реакторлар (СМР) таклиф қилинмоқда. АҚШ бу технологияни совет даврида қурилган ва ҳозир фаолият юритаётган Арманистон атом электр станциясига муқобил ечим сифатида кўрмоқда. Дастлабки босқичда 5 миллиард долларгача экспорт амалга оширилиши, кейинчалик эса ёқилғи етказиб бериш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича яна 4 миллиард долларлик узоқ муддатли шартномалар тузилиши мумкин.
Ҳозирда Арманистоннинг Метсамор ҳудудида жойлашган атом электр станцияси мамлакат электр энергиясининг қарийб 40 фоизини ишлаб чиқаради. Мазкур объект Жанубий Кавказдаги ягона атом станцияси бўлиб, унинг фаолиятида Россиянинг «Росатом» компанияси иштирок этади. Шу билан бирга, Арманистон янги атом станцияси қуриш ва энергетик манбаларни диверсификация қилиш имкониятларини фаол ўрганмоқда.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян ушбу келишув энергетика соҳасида янги имкониятлар яратишини ва мамлакат энергетик мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.


