АҚШ Шимолий Корея билан музокара ўтказмоқчи. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби Жон Кирби маълум қилди.
“Албатта, биз музокаралар столига ўтиришга тайёрмиз. Аммо шу пайтгача Пхеньян буни амалга ошириш учун ҳеч нарса қилмади”, – деган у.
Шу билан бирга Кирби Вашингтон Шимолий Кореяга нисбатан турли воситаларни қўллаши мумкинлигини қайд этган. Лекин дипломатик усуллар АҚШ администрациясининг устувор йўналиши эканлиги таъкидланган.
КХДР янги йилни том маънода ракеталар билан бошлади: сўнгги икки ҳафта ичида у уч марта ракета синовлари ўтказди. Бу минтақадаги йирик кучларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Аввалроқ АҚШ БМТдан Шимолий Корея билан алоқадор фирма ва шахсларга санкция жорий этишни сўрагани тўғрисида хабар қилинганди.
Жаҳонгир Қўзиев


