TAСС нашрининг хабар беришича, АҚШ Судандаги қуролли можарони ҳал этиш жараёнига Тинчлик Кенгашини жалб қилишни режалаштирмоқда. Америкалик дипломатлар ушбу ташаббус доирасида гуманитар сулҳни тез фурсатда йўлга қўйиш ва жорий йил март ойига қадар ҳарбий ҳаракатларни доимий равишда тўхтатишга эришишни мақсад қилган.
Манбаларга кўра, ишлаб чиқилаётган стратегия, шунингдек, Судан қуролли кучлари ва хавфсизлик тизимидаги узоқ йиллардан бери муҳокама қилиниб келаётган ислоҳотларни амалга оширишни ҳам назарда тутади. Таклифнинг асосий шартларидан бири мамлакатнинг ҳарбий ва сиёсий ҳаётидан экстремистик унсурлар, жумладан айрим исломий гуруҳларни четлаштириш ҳисобланади.
Нашрнинг ёзишича, мазкур ташаббус Миср, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланмоқда. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ўтган ҳафта ушбу давлатлар вакиллари билан дипломатик саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш юзасидан музокаралар олиб борган.
Эслатиб ўтамиз, Судандаги можаро 2023 йил апрель ойида Судан Суверен Кенгаши раиси ва армия қўмондони Абдул Фаттоҳ ал-Бурҳон ҳамда Тезкор аралашув кучлари раҳбари Муҳаммад Ҳамдан Дагало ўртасидаги келишмовчиликлар фонида бошланган. Тўқнашувлар оқибатида камида 40 минг киши ҳалок бўлгани, қарийб 14 миллион фуқаро ўз уйини тарк этгани ва миллионлаб одамлар очарчилик хавфи остида қолгани қайд этилмоқда.


