АҚШ Давлат департаменти Хитой 2020 йилда яширин ядровий портловчи синов ўтказган бўлиши мумкинлигини даъво қилмоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат котибининг қурол назорати ва халқаро хавфсизлик бўйича ўринбосари Томас ДиНанно Женевада бўлиб ўтган Қуролсизланиш бўйича конференцияда маълум қилди дейди ТАСС.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ ҳукумати Хитой томонидан ўтказилган эҳтимолий синовлар ҳақида маълумотларга эга. Жумладан, 2020 йил 22 июнь куни юзлаб тонна қувватга тенг портлаш бўлган синов ўтказилгани тахмин қилинмоқда. АҚШ томони Пекин бундай синовларни яшириш учун сейсмик мониторинг тизимларини чалғитувчи махсус детонация — яъни портлашни ер ости бўшлиқларида амалга ошириш (“decoupling”) техникасидан фойдаланган бўлиши мумкинлигини билдирган.
АҚШ расмийларига кўра, бундай ҳаракатлар ядровий синовларга қўйилган халқаро чекловлар руҳига зид бўлиши мумкин. Шу билан бирга, Хитой аввал ҳам шунга ўхшаш айбловларни рад этиб келган. Айрим экспертлар эса айрим техник белгилар рухсат этилган субкритик синовлардан фарқланмаслиги мумкинлигини таъкидлаб келади.
Мазкур баёнотлар ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича глобал вазият кескинлашаётган бир пайтда янграмоқда. Хусусан, АҚШ ва Россия ўртасидаги стратегик ядровий арсеналларни чекловчи Янги START шартномаси 2026 йил февраль ойида муддати тугади. Бу эса йирик ядровий давлатлар ўртасида янги келишув зарурлиги ҳақидаги баҳсларни кучайтирди.
АҚШ томони келгусида ядровий қуроллар устидан назорат бўйича янги, кенгроқ форматдаги музокаралар зарурлигини таъкидламоқда. Хитой эса ҳозирча бундай музокараларга қўшилиш масаласида эҳтиёткор позицияни сақлаб қолмоқда.


