АҚШ Ички хавфсизлик департаменти (ДҲС) хорижий журналистлар, талабалар ҳамда алмашинув дастури иштирокчиларига визаларни бериш қоидаларини ўзгартириш ва мамлакатда бўлиш муддатини чеклашни таклиф этмоқда.
Мазкур ташаббус ДҲС томонидан Федерал реестрда эълон қилинган ҳужжатда баён этилган. Таклифга кўра, хорижий фуқароларнинг Қўшма Штатлардаги вақтинчалик фаолиятини янада назорат қилиш, уларнинг режалари ва фаолиятига оид аниқ маълумотларни ўз вақтида олиш ҳамда мамлакат қонунларига риоя этилишини самарали баҳолаш мақсад қилинган.
Таклифга биноан, хорижий журналистлар АҚШда 240 кунгача фаолият юритиши, зарурат туғилганда муддат узайтирилиши мумкин.
Хитой фуқаролари учун бу муддат 90 кунга чекланиши белгиланган.
Хорижий талабалар ва алмашинув ташриф буюрувчилар эса ўқиш ёки дастур давомида мамлакатда қолиши мумкин, бироқ тўрт йилдан ошмаслиги шарт этиб белгиланган.
ДҲС барча манфаатдор томонларни 60 кун ичида ушбу таклиф бўйича ўз мулоҳазаларини тақдим этишга чақирган.
Маълумот учун, АҚШ Президенти Доналд Трамп маъмурияти 2020 йилда ҳам шунга ўхшаш таклифларни илгари сурган эди. Ўша пайтда талабалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар бунга қарши чиққан ва тартиб амалиётга киритилмаган. Трамп шунингдек, ноқонуний муҳожирларга қарши кенг кўламли депортация чораларини қўллаш ниятини билдирган эди.


