АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти мамлакат бўйлаб бир нечта давлат идораларида фаолият юритувчи минглаб давлат хизматчиларини ишдан бўшатиш жараёнини бошлади. Бу ҳақда AP News, Reuters ва Axios агентликлари хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳозирча камида 4 100 нафар давлат хизматчиси ишдан бўшатиш режаси доирасига киритилган. Қисқартиришлар Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлиги (HHS), Савдо, Таълим, ҳамда Ички хавфсизлик вазирлигининг киберхавфсизлик бўлимида амалга ошириляпти.
Оқ уй Бюджетни бошқариш идораси раҳбари Рассел Воугт жума куни “The RIFs have begun” (“Қисқартиришлар бошланди”) деган баёнот билан чиқди. Унинг сўзларига кўра, бу жараён давлат хизматларида “самарадорлик ва молиявий тежамкорликни таъминлаш” мақсадида амалга оширилмоқда.
Маъмуриятнинг маълумотича, ҳар бир ходим ишдан бўшатилишидан 30–60 кун олдин расмий огоҳлантирув хати олади. Шу вақт ичида улар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ёки бошқа лавозимга ўтиш имкониятига эга бўлади.
Бироқ кўплаб ҳуқуқшунослар ва профсоюзлар бу қарорни танқид қилмоқда. Уларга кўра, ҳукумат молиялаштиришни тўхтатган (“shutdown”) даврда давлат хизматчиларини ишдан бўшатиш ноқонуний ҳисобланиши мумкин.


