АҚШда кучли қор бўрони оқибатида ҳалок бўлганлар сони 73 кишига етди. CBS News маълумотига кўра, қурбонларнинг 49 нафари тўғридан тўғри об-ҳаво шароити ёки бахтсиз ҳодисалар билан боғлиқ.
Расмийлар яна 24 кишининг ўлими қайд этилганини маълум қилди. Ўлим сабаблари орасида гипотермия, йўл-транспорт ҳодисалари, қор тозалаш техникалари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар, чанада учиш вақтида юз берган фожеалар ҳамда қор тозалаш жараёнида содир бўлган тўсатдан юрак хуружлари бор.
Нью-Йорк шаҳри мери Зоҳран Мамданининг билдиришича, шаҳарда 10 нафар фуқаронинг жасади топилган, бироқ уларнинг ўлим сабаблари ҳозирча аниқланмаган.
Миллий об-ҳаво хизмати қишки бўрон АҚШ ҳудудининг учдан икки қисмига таъсир кўрсатиб, тахминан 200 миллион кишини қамраб олганини маълум қилди. Мутахассислар мамлакатнинг шарқий ҳудудларида ҳарорат меъёрдан анча паст бўлиб қолаётганини қайд этмоқда.
Шунингдек, АҚШ томон жанубга қараб ҳаракатланаётган янги Арктика циклони ҳақида огоҳлантирилди. У ҳафта охирига қадар етиб келиб, янги совуқ рекордларини ўрнатиши мумкин. Нью-Йорк штатининг шимолий ва ғарбий ҳудудларида 30–60 см гача қор ёғиши прогноз қилинмоқда.
Фавқулодда вазиятлар фонида расмийлар қўшимча чоралар кўрмоқда. Нью-Йорк шаҳрида 50 дан ортиқ касалхона ва иситиш бошпаналари очилди, Далласда эса 1 150 га яқин уйсиз фуқаро вақтинча жойлаштирилди. Миссисипи штатида 500 нафар Миллий гвардия аскари сафарбар этилди.


