АҚШнинг Флорида штатидаги Орландо халқаро аэропортида Delta авиакомпаниясига тегишли йўловчи самолётининг двигатели ёниб кетди.
Маълумотларга кўра, Airbus A330 самолёти 1213-рейс билан Орландодан Атлантага учиши режалаштирилган эди. Бортда 200 дан ортиқ йўловчи, 10 нафар экипаж аъзоси ва икки учувчи бўлган. Ҳодиса юзасидан барча йўловчилар зудлик билан эвакуация қилинди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда самолётнинг ўнг двигателидан кучли тутун ва алангалар чиққани акс этган. Фавқулодда ҳолатда йўловчилар самолётни махсус пуфланадиган рампалар орқали тарк этган.
Ёнғин сабаблари ҳозирча аниқланмаган, ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.


