АҚШ Бош прокурори Памела Жо Бонди президент Дональд Трампга нисбатан олиб борилган тергов ишларида иштирок этган 20 нафар ходимни ишдан озод этди. Бу ҳақда ABC News телеканали хабар берди.
Маълумотларга кўра, ишдан бўшатилганлар орасида Адлия вазирлигининг бир қатор прокурорлари ва ёрдамчилари бор. Бироқ улар Трампга нисбатан суд жараёнларида ҳал қилувчи позицияда бўлмагани таъкидланган.
Шунингдек, бу қарор АҚШ Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил январь ойида бошланган ички ўзгаришлар доирасида қабул қилинган. Хусусан, Трампга қарши жиноий ишларни кўриб чиққан махсус прокурор Жек Смит жамоасидаги 10 дан ортиқ ходимга нисбатан ҳам хизматдан озод этиш қарори чиқарилган.
Расмийларга кўра, Бош прокурор ушбу ходимларнинг Трамп маъмуриятига нисбатан холис ва сиёсатдан холи фаолият юрита олишига шубҳа билдиради. Шу сабабли улар билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Мазкур ҳолат АҚШда сиёсий терговлар ва адлия тизимидаги мустақиллик борасидаги муҳокамаларни яна бир бор кун тартибига олиб чиқмоқда.


