Дания бош вазири Метте Фредериксен АҚШ президенти Доналд Трампнинг Гренландия устидан назорат ўрнатиш истаги ҳануз ўзгармаганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Трампнинг риторикаси бироз пасайган бўлсада, бу масала АҚШ раҳбари учун ҳамон жиддий аҳамиятга эга.
Фредериксен Германиянинг Мюнхен шаҳрида бўлиб ўтган Мюнхен хавфсизлик конференциясида нутқ сўзлар экан, АҚШ президенти Гренландияни қўлга киритиш масаласига жиддий қараётганини таъкидлади. Шу билан бирга, Дания ва Гренландия бу позицияга қатъиян қарши эканини билдирди.
“Менимча, АҚШ президентининг истаги ўзгармаган. У бу масалага жуда жиддий қарамоқда. Аммо биз бунга рози эмасмиз. Дания қироллиги ҳам, Европа ҳам бу фикрни қўллаб-қувватламайди”, — деди Фредериксен.
У Гренландия аҳолиси ўз позициясини аниқ билдирганини ҳам алоҳида таъкидлади.
“Гренландия халқи жуда аниқ айтди: улар америкалик бўлишни истамайди”, — деди Дания бош вазири.
Журналистларнинг Гренландияга нарх қўйиш мумкинми, деган саволига Фредериксен бундай фикрни рад этди.
“Буни баҳолаб бўлмайди. Испаниянинг бир қисмини, АҚШнинг бир қисмини ёки дунёнинг бошқа исталган ҳудудини пул билан баҳолаш мумкинми? Биз суверен давлатларни ва халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини ҳурмат қилишимиз керак”, — деди у.
Маълум қилинишича, Трамп Гренландияни АҚШ миллий хавфсизлиги учун стратегик муҳим ҳудуд деб ҳисоблайди. Минерал ресурсларга бой ва Арктика ҳудудида жойлашган ушбу орол ҳарбий ва геосиёсий жиҳатдан катта аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, Дания, Гренландия ва АҚШ вакиллари Арктика хавфсизлиги бўйича техник музокараларни давом эттирмоқда. Дания томони музокаралар конструктив руҳда ўтаётганини билдирган бўлсада, Гренландиянинг суверенитети масаласи қатъий позицияда қолмоқда.


