Арманистон ҳукумати туғилиш даражасини ошириш ва оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги ижтимоий ташаббусни жорий этмоқда. Армениа Тодай нашрининг хабарига кўра, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб мамлакатда туғилган ҳар бир бола учун 500 минг арман драмига тенг, яъни тахминан 1300 АҚШ доллари миқдорида бир марталик нафақа берилади.
Қайд этилишича, ушбу қонунчилик ташаббуси Арманистон парламенти томонидан қабул қилинган. Аввалроқ нафақа миқдори оиладаги болалар сонига қараб фарқланган: биринчи ва иккинчи бола учун 300 минг драм, учинчи ва тўртинчи бола учун 1 миллион драм, бешинчи ва ундан кейинги болалар учун эса 1,5 миллион драм тўланган.
Шу билан бирга, мамлакатда кўп болали оилаларни қўллаб-қувватлаш дастури сақлаб қолинади. Унга мувофиқ, 2022–2025 йилларда туғилган учинчи ва ундан кейинги ҳар бир бола учун олти ёшга тўлгунига қадар ойига 50 минг драм миқдорида моддий ёрдам ажратилади. Янги қонун ушбу тўловларни 2026 йил 1 январдан кейин туғиладиган болаларга ҳам татбиқ этиш учун ҳуқуқий асос яратади.


