Тадбирда Экология вазирлиги ва Ўрмон агентлиги масъуллари, Хитой Халқ Республикаси Шиньжон экология ва география институти профессорлари, Нинся-Хуэй автоном тумани экология ва ўрмон соҳаси мутасаддилари ҳамда мамлакатимиздаги илмий-тадқиқот институтлари олимлари, “Яшил лойиҳа” лойиҳалаш институти, Оролбўйи халқаро инновация маркази, Арнасой тумани ҳокимлиги масъуллари, ҳудудий давлат ўрмон хўжаликлари мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда давлатимиз томонидан иқлим ўзгаришларининг олдини олиш, янги ўрмонзорлар барпо этиш ва тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
“Ўз навбатида бугун Жиззах вилоятининг Арнасой туманида ишга туширилаётган “Ўзбекистон – Хитой дўстлик галофит боғи” ҳам республикамизда яшиллик даражасини ошириш, экотизимларни мустаҳкамлашга хизмат қилади, бундан кейин ҳам хитойлик ҳамкорлар билан биргаликдаги бу борадаги ишларимиз изчил давом эттирилади,” – деди Э.Муҳиддинов.
Шундан сўнг семинар иштирокчилари сувсизлик ва шўрланишга чидамли галофит ўсимликлари боғи ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишдилар.
Тадбирда галофит ўсимликларни етиштиришнинг илмий асослари, агротехник тадбирлар, тежамкор суғориш технологияларини жорий этиш ва иқлим ўзгариши шароитида барқарор агроэкотизим яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Семинар давомида хитойлик мутахассислар томонидан амалий кўргазмалар ўтказилиб, иштирокчиларга галофит ўсимликларини ва парваришлаш, тупроқ шўрланишини камайтириш ва экологик барқарорликни таъминлашда бу ўсимликларнинг аҳамияти ҳақида тавсиялар берилди.
Тадбир якунида хитойлик меҳмонлар янги галофит боғи ҳудудига эсдалик учун манзарали дарахт кўчатлари экишди.
Маълумот ўрнида, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти мутахассислари томонидан маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мос 122 турдаги галофит ўсимликлар рўйхати шакллантирилиб, 2025 йил июн ойида Хитой Халқ Республикаси Шиньжон экология ва география институти ҳамкорлигида 35 турдаги 1,3 тонна галофит ўсимликлари уруғлари олиб келинган.


