Бунинг учун икки минтақа орасида замонавий транспорт-логистик инфратузилмани яратиш зарурлиги яна бир бора таъкидланди. Ўз навбатида Покистон бош вазири Имрон Хон Ўзбекистон -Покистон портлари орқали жаҳон бозорига чиқиши мумкинлигини эътироф этди. Икки минтақани ўзаро боғлашда Афғонистон орқали ўтадиган темирйўл катта аҳамиятга эга. Шавкат Мирзиёев Термиз-Мозори Шариф-Кобул- Пешовар темирйўлини икки минтақани боғловчи асосий бўғин деб таъкидлади.
2021 йил 2 июнь куни Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга ташрифи доирасида ушбу темирйўлни “Аср лойиҳаси” деб атади. Ўзбекистон дунё океанидан жуда узоқда жойлашганлиги туфайли республика учун денгиз портларига чиқиш масаласи катта аҳамият касб этади. Бу мамлакатимизни жаҳон бозорига ўз маҳсулотларини янада кенг миқёсда чиқаришига имконият беради. Шу сабабли республика учун денгиз портларига олиб чиқадиган темирйўл тармоғи жуда муҳим. Географик жиҳатдан Ўзбекистон учун Покистон портлари энг яқин ҳисобланади. Ўз навбатида Покистон портлари Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ ва Африка ўртасида ўзига хос чорраҳадир. Покистонга эса Афғонистон орқали тўғридан-тўғри чиқиш мумкин. 2021 йил сентябрида қурилиши бошланиши кутилаётган “Мозори Шариф-Кобул-Пешовар” темирйўли Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга.

Хўш, бу қандай йўл?
“Мозори Шариф-Кобул-Пешовар” темирйўли узунлиги 573 кмни ташкил этади. Унинг йиллик транзит имконияти 20 миллион тоннадан ортиқ. Ушбу лойиҳанинг қиймати 5 миллиард долларга баҳоланмоқда. Жаҳон банки ушбу темирйўлни лойиҳалаш учун 35 млн доллар ажратишга рози бўлди. Темирйўл қурилиши беш йилни қамраб олади. Лойиҳани минтақадаги барча давлатлар ва минтақанинг энг йирик ҳамкорлари-Хитой ва Россия ҳам қўллаб-қувватламоқда.
Мамлакат иқтисодиёти учун ушбу темирйўлнинг аҳамияти қандай?
Агар лойиҳа тўлиқ ишга тушса Ўзбекистондан Покистонга товарлар жўнатиш 30-35 кундан 10-15 кунгача қисқаради. Транспорт билан боғлиқ харажатар эса 30-35 фои га камаяди. Масалан, Покистонга 20 футлик контейнер ҳозирда 900 долларга ташилаётган бўлса, темирйўл ишга тушиши билан бу 268 долларни ташкил этади-харажатлар деярли уч баравар камаяди. Лойиҳа ишга туширилган дастлабки йилларда йилига 10 миллион тоннагача юк ташилиши мумкин. (ҳозирги кунда бу 4 млн тоннани ташкил қилади). Кейинчалик бу 20 миллион тоннагача ошади.

Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев фикрича, транспорт коридорининг ишга туширилиши орқали ўзбек товарларини икки-уч кун ичида денгиз портларига етказиш мумкин. Ҳозирда Ўзбекистон денгизларга чиқиш имконига эга мамлакатларга нисбатан икки-уч баравар кўп транспорт харажатларини амалга оширади. Темирйўл бу каби харажатларни кескин қисқартириши мумкин.
2021 йил 2 февраль куни Тошкентда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида темирйўл қурилиши бўйича “йўл харитаси” имзоланди. Бу темирйўл қурилиши йўлида қўйилган катта қадамдир. Режага кўра темирйўл қурилиши 2021 йил сентябрида бошланади. Темирйўл нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа ва Афғонистон учун ҳам улкан аҳамиятга эга. Ушбу лойиҳа Афғонистонни минтақадаги фаол савдо-иқтисодий муносабатларга тортади ва мамлакатда мустаҳкам тинчлик ўрнатилишига олиб келади. Шунингдек, Марказий Осиёнинг барча давлатлари темирйўл орқали жаҳон бозорига чиқиш имкониятини қўлга киритади. Темирйўл Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг янада кенгайишига сабаб бўлади.
Жаҳонгир Қўзиев


