Ҳудудларда жамоат транспорти ҳаракатини барқарорлаштириш мақсадида қўшимча чоралар кўрилмоқда. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида (АГТКШ) ҳозирда биринчи галда жамоат транспорти, айниқса автобусларга табиий газ қуйилиши таъминланмоқда.
Вазирликнинг билдиришича, Фарғона, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида шаҳар ичи йўналишларида қатновчи автобусларнинг узлуксиз ҳаракати устувор йўналиш этиб белгиланган. Шу мақсадда 25 январь куни жамоат транспорти ва махсус техникалар учун 1,5 миллион куб метр, 26 январь куни эса 2,5 миллион куб метр табиий газ етказиб берилиши режалаштирилган.
Хусусан, Фарғона вилоятида соат 12:00 дан 15:00 гача 22 та, Тошкент вилоятида эса 14:30 дан 17:30 гача 20 та метан газ қуйиш шохобчаси фақат жамоат ва коммунал транспортга хизмат кўрсатган. Қолган ҳудудларда ҳам шу тартибдаги ишлар давом эттирилмоқда.
Кўрилаётган чоралар натижасида газ қувурларидаги босим оширилиб, айрим ҳудудларда аҳоли хонадонларида табиий газ таъминоти меъёрий ҳолатга келтирилмоқда. Энергетика вазирлиги ва ҳудудий ҳокимликлар жамоат транспорти қатновини тўлиқ тиклаш бўйича ишларни мувофиқлаштириб бораётганини маълум қилди. Аввалроқ Фарғона ва Термиз шаҳарларида газ етишмовчилиги сабаб автобуслар қатнови вақтинча тўхтагани ҳақида хабарлар тарқалган эди.


