Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати 2026 йил Рамазон ойи давомида хусусий сектор ходимлари учун қисқартирилган иш вақтини тасдиқлади. Бу ҳақда Khaleej Times нашри хабар берди.
Мамлакат Меҳнат ресурслари вазирлиги муқаддас ой давомида иш вақти кунига икки соатга қисқартирилишини маълум қилди. Одатда ходимлар 8–9 соат ишласа, Рамазон даврида иш куни 6–7 соатни ташкил этади.
Шунингдек, компаниялар иш жадвалини мослашувчан тарзда ташкил этиши мумкин. Жумладан, масофадан ишлашни жорий этиш ёки иш вақтини белгиланган меъёр доирасида ўзгартиришга рухсат берилади. Белгиланган вақтдан ортиқ ишлаш эса қўшимча иш сифатида баҳоланиб, алоҳида ҳақ тўланади.
Давлат хизматчилари учун ҳам енгиллаштирилган иш режими жорий этилади. Душанбадан пайшанбагача иш куни соат 09:00 дан 14:30 гача давом этади, жума куни эса иш вақти тушгача этиб белгиланади. Узлуксиз ишлашни талаб қиладиган айрим касблар бундан мустасно ҳисобланади.
Мазкур чоралар фуқароларга ибодат, оила ва руҳий амалиётларга кўпроқ вақт ажратиш имконини яратиш мақсадида жорий этилмоқда. Астрономик ҳисоб-китобларга кўра, 2026 йилда Рамазон ойи 19 февраль куни бошланиши кутилмоқда.


